Францияда Россия томонидан жанг қилган Донбасс фуқароси ҳибсга олинди
Париж чеккасидаги Руасси-ан-Франс муниципалитетида Россия ва Украина фуқаролигига эга бўлган 26 ёшли Донбасс фуқароси теракт тайёрлашда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Le Figaro нашри хабар беради.
Гумондор 3 июнь куни Шарль де Голль аэропортидаги меҳмонхонада ўз хонасида қўлбола бомба портлаганидан сўнг қўлга олинган. Тинтув чоғида хонада портловчи моддалар ва сохта ҳужжатлар топилган.
Портлашдан сўнг эркак куйиш жароҳатини олган ва касалхонага ётқизилган. Le Figaro нашрининг ёзишича, ҳибсга олинган шахс терактни режалаштираётганини рад этган, унинг сўзларига кўра, хонадаги портлаш “тасодиф” бўлган.
Франция матбуотига кўра, гумондор икки йил давомида Украинада Россия томонида жанг қилган. Le Journal du Dimanche нашрининг ёзишича, қўлга олинган шахс портловчи мосламаларни ясаш ва Украина армияси учун мўлжалланган Франция ҳарбий техникасини йўқ қилишга уринганликда гумон қилинмоқда.
Шарҳлар