FT: 2023 йилда Telegram 170 млн доллардан ортиқ зарар кўрган
2023 йилда Telegram компаниясининг йўқотишлари 170 миллион доллардан ошди, бу эса унинг IPOга чиқиш режаларини шубҳа остига қўяди.
Financial Times нашри мессенжернинг кўриб чиқилган молиявий ҳисоботига асосланиб ёзишича, 2023 йилда даромад 342 миллион долларни, операцион зарар 108 миллион долларни ташкил қилган, умумий йўқотишлар эса 173 миллион долларга етган.
Компания асосчиси ва ягона эгаси Павел Дуров йўқотишларни қоплаш учун 2,4 миллиард доллар қарз маблағларини жалб қилди ва шахсан компания облигацияларига 64 миллион доллар сармоя киритди.
Катта йўқотишларга қарамай, улар мессенжернинг рақамли активларини қайта баҳолаш ҳисобига қисман қопланди, уларнинг қиймати 2023 йил охирида 400 миллион долларни ташкил этди. 2024 йилда Telegram Toncoin тангасини сотишдан аллақачон 244 миллион доллардан ортиқ даромад олган.
Аввалроқ Дуров компания қийматини 30 миллиард доллардан ортиқ деб баҳолаган ва компания даромадли бўлиши ва бозор қулай бўлиши биланоқ IPO ўтказишни режалаштирган эди. Бироқ, Францияда Дуровга қўйилган айбловлардан сўнг, бу режалар хавф остида қолди.
Аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 2014 йилда Дуров кетганидан кейин Россияга тез-тез бориб туришига изоҳ берганди. Песков Кремль ва Дуров ўртасида музокаралар бўлмаганини қайд этиб, Дуров Россия фуқароси бўлгани учун мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиши мумкинлигини таъкидлади.
Шарҳлар