FT: “Газпром” сотувлар ҳажмини яқин 10 йил ичида тиклай олмайди
Яқин 10 йил ичида “Газпром” Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли йўқотилган газ сотувлари ҳажмини тиклай олмайди. Бу ҳақда компания раҳбариятининг буйруғи билан 2023 йил охирида тайёрланган ҳисоботда айтилади, деб ёзади Financial Times.
«“Газпром” ва энергетика саноати учун санкцияларнинг асосий оқибатлари экспорт ҳажмининг қисқариши бўлди, у 2035 йилгача 2020 йилдаги даражага тикланмайди», — дейилади ҳужжатда.
Ҳисоботга кўра, Европага газ экспорти 2035 йилга бориб йилига ўртача 50-75 миллиард куб метрни ташкил қилиши керак. Бу кўрсаткич урушдан олдинги савдолар даражасининг учдан бир қисмига зўрға етади.
“Газпром” Хитойга янги қувур линияси Европага йўқотилган экспорт ҳажмини қоплашга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Бироқ, унинг қуввати йилига атиги 50 миллиард кубометрни ташкил қилади, шунингдек Хитойда газ нархи Европага қараганда анча паст.
2023 йил охирида “Газпром” сўнгги 25 йилдаги биринчи йўқотишини кўрсатди. Компания ҳисоботига кўра, йил давомида кўрилган зарар 629 миллиард рублни ташкил қилган. Шу билан бирга, 2022 йилда “Газпром” 1,23 триллион рубль фойда кўрганини маълум қилган.
Шарҳлар