FT: НАТО давлатлари Россиянинг гибрид ҳаракатларига жавоб реакциясини кўрсатишнинг уч усулини кўриб чиқмоқда

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

Financial Times газетасининг ёзишича, Ғарб давлатларининг расмийлари ва уларнинг эксперт ҳамжамияти Россиянинг гибрид ҳаракатларига қарши ўзларининг тайёрлик даражасидан қониқмаяпти. Гибрид ҳаракат дезинформация тарқатишдан тортиб, то диверсиягача бўлган кенг кўламли ҳаракатларни қамраб олади.

“Россия қўрқув уйғотиш ва ҳаётимизни барбод қилиш йўлларини топиш учун ўзининг қудратли эканлигини ва жамиятларимизда нотинчлик олиб келиши мумкинлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. У бизнинг жавоб реакциямизни синаб кўряпти, чунки биз жавоб бермасак, яна ҳужумлар бўлади”, – дейди Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс FT нашрига.

Қийинчилик шундаки, бундай ҳаракатлар тўғридан-тўғри тажовуз сифатида баҳоланмайди ва Мудофаа бўйича ўзаро ёрдам Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасини кучга киритмайди.

«Биз Россияга қарши кичик бир воқеа туфайли ракеталарни учирмаймиз», – дея Латвия президентининг сўзларидан иқтибос келтиради газета.

FT маълумотларига кўра, НАТО давлатлари ҳозирда уч турдаги жавоб чораларини кўриб чиқмоқда. Улар Британия парламентининг сўнгги нашрларида ҳамда НАТО ва Европа Иттифоқининг қўшма ҳисоботида баён этилган.

Биринчи қадам гибрид ҳужумлар содир бўлаётганини тан олиш ва уларни оммага ошкор қилишдир. Бу Буюк Британия, Германия ва Польша каби давлатлар расмийлари ҳисоботларининг ортиб бораётганини, шунингдек, май ойи бошида НАТО Кенгашининг Россия гибрид кампаниясига ишора қилган баёнотини тушунтириши мумкин.

Иккинчи қадам – муҳим инфратузилмани мустаҳкамлаш, ахборот тизимларини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш ва аҳолини дезинформацион кампаниялар хавфи ҳақида хабардор қилиш.

Ниҳоят, учинчи қадам – Россияга қарши жавоб чоралари. Масалан, Чехия узоқ вақтдан бери россиялик дипломатларнинг ҳаракатланишини чеклашни тарғиб қилмоқда (улар Чехия Республикасининг қўшнилари билан чегараларида назорат йўқлигидан фойдаланади, Чехия разведка хизматлари эса ўз ҳудудидан ташқаридаги шубҳали дипломатларни кузата олмайди).

Бироқ тажовузкорроқ ҳаракат қилиш таклифлари ҳам бор, масалан, Россия ичидаги русларга Украинадаги уруш харажатларини етказиш бўйича ахборот кампаниясини бошлаш.

Давлат департаментининг собиқ маслаҳатчиси, ҳозирда Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказида ишлаётган Элиот Коэн қуйидагиларни таклиф қилади: «Агар сиз ўртаҳол россиялик бўлсангиз, Россия қўшинлари кўрган улкан йўқотишларни эслатмасдан бир кун ҳам ўтмаслиги керак».

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.