Кисида ҳукмрон партия раҳбари сайловидан кейин Япония бош вазири лавозимини тарк этади
Япония бош вазири Фумио Кисида сентябрда бўлиб ўтадиган, ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбари сайловида ўз номзодини иккинчи муддатга қўймасликка қарор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шу тариқа, у сайловлардан кейин бош вазир лавозимини тарк этади. Дастлаб бу ҳақда ОАВлар хабар берганди, кейинроқ бу маълумотни у матбуот анжуманида тасдиқлади.
“Бўлғуси сайловларда сайловчиларга янги Либерал-демократик партияни намойиш эта билиш муҳимдир. Бунинг учун шаффоф ва очиқ сайловлар, эркин ва очиқча муҳокамалар ўтказиб, партия ўзгаришини кўрсатиб бериши керак. Шундай экан, қўйиш керак бўлган аниқ-равшан биринчи қадам — менинг четга чиқишимдир”, — деди Кисида журналистларга.
67 ёшли Фумио Кисида Япония Либерал-демократик партиясига 2021 йил сентябридан буён етакчилик қилиб келган, ўша йил октябрьидан эса бош вазир лавозимини эгаллаган. Таъкидланишича, сайловлар арафасида ҳукумат ва ҳукмрон партияга нисбатан танқидлар кучайди, хусусан, Кисида фаолиятини маъқуллаш рейтинги 30 фоиздан пастроқда бўлиб қолмоқда.
Шарҳлар