,

Гаити собиқ президентининг рафиқаси унинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинмоқда

Фото: AP

Гаитининг ўлдириб кетилган президенти Жовенель Моизнинг рафиқаси унинг ўлимига алоқадорликда гумонланувчилар рўйхатига киритилди, деб хабар беради New York Times суд ҳужжатларига таяниб.

“Гаити прокурори президент Жовенель Моизнинг 2021 йилда ўлдирилиши юзасидан 70 кишига нисбатан айбловлар эълон қилишни тавсия этди. Рўйхатда истеъфодаги колумбиялик аскарлар ва Гаити ҳукумати мансабдорлари орасида кутилмаганда собиқ биринчи хоним – Мартин Моизнинг ҳам исм-шарифи бор”, – деб ёзади нашр.

Таъкидланишича, прокурор томонидан судга тақдим этилган аризада Мартин Моиз қотилликда эмас, балки унинг кўрсатмалари бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларига зидлигида айбланмоқда, бу эса ҳужумга алоқадорликка ишора қилаётгани айтилади. Aсосий гумонланувчилардан бири Мартин Моиз президент лавозимини эгаллашни истаганини даъво қилган.

Моизнинг адвокати айбловларни рад этди.

Гаити президенти Жованель Моиз 2021 йил 7 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳига ҳужум чоғида яраланиб ҳалок бўлганди. Унинг рафиқаси ҳам ярадор бўлган ва Aмериканинг Майами шаҳрида даволанган. Гаити ҳукумати 40 дан ортиқ кишини ҳибсга олган, улар орасида 18 нафар Колумбия фуқароси, беш нафар AҚШ фуқароси ҳамда тўрт полициячи, президент хавфсизлик хизматининг икки ходими ва жиноятни илҳомлантирувчи деб тахмин қилинаётган шифокор ва роҳиб Эммануэль Санон ҳам бор эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.