Ғазо секторига осмондан ташланган инсонпарварлик ёрдами беш кишининг ўлимига сабабчи бўлди

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар, Иордания, Миср, Франция, Нидерландия ва Бельгия томонидан етказилган инсонпарварлик юклари ҳаводан ташланганида, юк олиб кетаётган парашютлардан камида биттаси ишламай қолган ва у ерга қулаб тушган.

Ғазонинг Хамас назорати остидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.

Пентагон вакилининг айтишича, АҚШнинг барча инсонпарварлик ёрдам қутилари одатдаги режимда қўнган. Иордания ҳам воқеага изоҳ беришни истамади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, ўтган шанба куни АҚШ ва Иордания қўшинлари Ғазо қирғоқларига 38 мингга яқин овқатни парашют билан ташлаганди. Ғазо секторида 2 миллиондан ортиқ одам истиқомат қилади ва БМТ маълумотларига кўра, уларнинг тўртдан бир қисми очликдан ўлиши мумкин. Осмондан ташланган инсонпарварлик ёрдами ер орқали етказилиши мумкин бўлган ёрдам миқдорига нисбатан самарасиз экани айтилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.