Нетаньяху: Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга тайёр
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху анклавда ушлаб турилган исроиллик асирлар озод этилиши учун, Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни олти ҳафтага тўхтатиб туришга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзади Israel Hayom газетаси.
“Исроил асирларни қайтариб олиш учун жанговар ҳаракатларни 42 кунга тўхтатиб туриши мумкин. Лекин биз урушни тўхтата олмаймиз. Эронликлар ва барча душманларимиз биз таслим бўлишимизни кўриш истагида бизга қараб турибди”, — деди бош вазир парламентнинг ташқи ишалр ва мудофаа бўйича комиссияси ёпиқ мажлисида.
The Times of Israel нашри аниқлик киритишича, Нетаньяху АҚШ президенти Жо Байден томонидан Яқин Шарқдаги низони тартибга солиш бўйича таклиф этилган режани изоҳлаб, ушбу баёнот билан чиққан. Исроил бош вазири сўзларига кўра, Америка президентининг режасида “камчиликлар” бўлган.
“Оқ уй томонидан тақдим этилган режа тўлиқ эмасди. Уруш асирларни қайтариш учун тўхтатилади, кейин эса муҳокама ўтказамиз. АҚШ президенти жамоатчиликка очиқламаган бошқа тафсилотлар ҳам бор”, — дея қўшиб қўйди бош вазир.
Шарҳлар