“Газпром” рекорд даражадаги зарарлар фонида қиммат кўчмас мулкни сотмоқда

Фото: Андрей Гордеев / Ведомости

Россиянинг “Газпром” давлат корпорацияси 2023 йилда 25 йил ичида биринчи рекорд зарар кўрганидан сўнг ўзининг ҳашаматли кўчмас мулкини сотишни бошланганини эълон қилди.

Октябрь ойининг бошида компания Янги Москва ҳудудидаги “Воскресенское” посёлкасида жойлашган «Богородское” Қабуллар уйи» меҳмонхона мажмуасини сотувга қўйди. Ушбу тўрт қаватли объект умумий майдони 12 758,6кв.м. бўлиб, Москва ҳалқа йўлидан атиги 14 км узоқликда жойлашган соғломлаштириш ва курорт маркази, фитнесс маркази, бар ва ресторанни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, “Газпром” Арманистондаги машҳур тоғ-чанғи курортида жойлашган “Марриот Цахкадзор” меҳмонхона мажмуасини ҳам  сотувга таклиф қилмоқда. Ушбу объектнинг умумий майдони 14 284 квадрат метрни ташкил қилади.

Жорий йилнинг май ойида корпорация Москва ва Москва областидаги бир қатор кўчмас мулк объектларини, жумладан “Строители” кўчасидаги офис биноларини ва “Первомайское” посёлкасидаги “Империал Парк отель Спа” санаторий мажмуасини сотувга қўйганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Газпром” 2023 йил якунларига кўра энг кўп зарар кўрган  Россия компаниялари рейтингида етакчилик қилган эди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.