Германиянинг Тройсдорф шаҳридаги мудофаа корхонасида портлаш юз берди – икки киши яраланган
Бонн яқинидаги Тройсдорф шаҳрида жойлашган Diehl Defence заводида портлаш содир бўлиб, икки киши оғир жароҳатланди.
Воқеа эрталаб, соат 9:30да портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда юз берган. Яраланган ишчилар Кёльндаги Мерхайм туман касалхонасига етказилган.
Воқеа жойида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар ишламоқда, иккита вертолёт ва бир нечта тез тиббий ёрдам машиналари жалб этилган. Diehl Defence концерни вакиллари портлашни тасдиқлади.
Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, воқеага ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бир киши бедарак йўқолган ва Тройсдорфдаги бинолардан бири ҳам зарар кўрган.
Май ойи бошида Берлиндаги яна бир Diehl Defence заводида катта ёнғин содир бўлганди, суғурта компаниясининг таъкидлашича, бунга техник носозлик сабаб бўлган, аммо кейинчалик эҳтимолий саботаж ҳақида тахминлар ҳам пайдо бўлган.
Diehl Defence концерни мудофаа маҳсулотлари, жумладан, Германия Украинага етказиб берадиган IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқаради.
Шарҳлар