Германияда Россияга олиб чиқилган деб ҳисобланган 161 нафар украиналик бола топилди
Украина Миллий полицияси раҳбари Иван Виговский германиялик ҳамкасби Хольгер Мюнх билан учрашди. Учрашувда Виговский немис ҳамкасблари билан ҳамкорлик туфайли Украина полицияси Германияда Россияга олиб кетилган деб ҳисобланган 161 нафар украиналик бола топилганини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ” нашри.
“Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлигимиз туфайли… мажбуран олиб кетилган деб ҳисобланган 161 нафар украиналик боланинг Германиядаги жойлашуви аниқланди”, — деди жаноб Виговский (“Укринформ” иқтибос келтиради). У бу болалар Германияга қандай қилиб келганига аниқлик киритмади.
2022 йил июнь ойида Россия Федерациясининг гуманитар ёрдам бўйича идоралараро мувофиқлаштириш штаби Украинадан 307 423 нафар бола олиб чиқилганини маълум қилганди. Россия расмийларига кўра, 300 дан сал кўпроқ бола Украинага қайтган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров болалар “хавфсиз жойларга” эвакуация қилинаётганини айтган. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Россия эвакуация қилинган барча болаларнинг исмларини айтиб бериши ва қайтариши мумкинлигига ишонтирганди.
2022 йил 24 февралдан бери Россия кучлари томонидан босиб олинган Украина ҳудудидан болаларнинг ноқонуний депортацияси бўйича иш доирасида Халқаро жиноий суднинг дастлабки тергов палатаси 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путинни ва РФда болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди.
Шарҳлар