Трамп Зеленскийга Россия Наполеон ва Гитлерни мағлуб қилганини эслатди
Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон суҳбати тафсилотларини ошкор қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Трамп унга Россия билан ҳарбий низони тўхтатиш зарурлигини айтган.
“Менга президент Зеленский қўнғироқ қилди. Ва биз яхши гаплашиб олдик. Мен бу урушга нуқта қўйиш керак дедим. Қаршингизда ҳарбий машина турибди… Улар Гитлерни мағлуб қилган. Наполеонни ютиб чиққан”, — деди АҚШ собиқ президенти Fox News’га берган интервьюсида.
Унинг фикрича, Американинг амалдаги президенти Жо Байден низо бошланишига йўл қўймаслиги керак эди. “Бунинг юз бериш эҳтимоли нолга тенг эди, ва менинг президент лавозимидаги тўрт йилим давомида бу содир бўлмаганди”, — деб қўшиб қўйди Трамп.
Зеленский ва Трампнинг суҳбати 19 июль куни бўлиб ўтганди. Бу уларнинг Трамп 2021 йилда президент лавозимини тарк этганидан буён биринчи суҳбати бўлганди. Украина етакчиси улар шахсий учрашув чоғида “айнан қандай чора-тадбирлар ҳалол ва ҳақиқатда давомли тинчликка олиб келиши мумкинлигини”ни муҳокама қилишга келишиб олганини айтганди.
АҚШда президент сайлови 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Трамп Украинадаги низони 24 соат ичида тўхтата олиши ҳақида кўп марта айтиб ўтган.
Шарҳлар