Эрдўғон Нетаньяхуни “замонамиз Гитлери” деб атади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яна Исроилнинг Ғазо секторидаги хатти-ҳаракатларини танқид қилди ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Адольф Гитлерга қиёслади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Туркия президенти Исроил ҳукумати фаластинликлар “мисли кўрилмаган даражада оммавий қирғин қилингани” учун жазо олишини айтди.
“Биз ҳақиқатни фош қилишда ва Исроил томонидан амалга оширилган қотилликлар ҳақида гапиришда давом этамиз. Ҳамма тушуниб етсинки, Нетаньяху — замонамиз Гитлери ва унинг ҳамтовоқлари жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Ҳақиқат эртами, кечми, агар судда бўлмаса, тарих қаршисида тантана қилади”, — деди Эрдўғон журналистларга.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон, шунингдек, Исроилни ОАВ вакилларига ҳужумда айблади. Туркия президенти даъво қилишича, шу тариқа Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги “оммавий қирғинлар” изини йўқотмоқчи. “Улар нима қилишидан қатъи назар, биз Исроил томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги барча ҳужжатларни Халқаро судга бердик ва бу ишни қилишда давом этамиз”, — дея қўшиб қўйди Эрдўғон.
Ноябрда Эрдўғон Туркия икки мингдан ортиқ адвокатлар билан Ғазо секторидаги геноцид тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилишини айтганди. Туркия Адлия вазирлиги Биньямин Нетаньяху фаластинликлар генотсиди айблови бўйича Халқаро жиноят судида жавоб беришини талаб қилганди. 2023 йил декабрида Эрдўғон матбуот анжуманида Нетаньяхунинг хатти-ҳаракатларини Адольф Гитлерники билан қиёслаганди. Ўшанда у улар ўртасидаги фарқ Исроилнинг Ғарб мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланаётганида эканини айтганди.
Шарҳлар