Венесуэла ҳукумати президентликка собиқ номзод Гонсалес Испанияга қочганини маълум қилди

Фото: РИА

Венесуэла президентлигига собиқ номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиа мамлакатни тарк этди ва Испанияда бошпанага эга бўлди. Бу ҳақда Венесуэла вице-президенти Делси Родригес маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Каракас “мамлакатдаги хотиржамлик ва сиёсий тинчлик учун” мухолифатчининг мамлакатдан чиқиб кетишига рози бўлган.

“Бир неча кун мобайнида Испания Қироллигининг Каракасдаги элчихонасида кўнгилли қочқин сифатида бўлиб турган фуқаро Эдмундо Гонсалес Уррутиа мамлакатни тарк этиб, ушбу мамлакат ҳукуматидан сиёсий бошпана сўради”, — деб ёзди Родригес Telegram’да.

Вице-президентнинг сўзларига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари ушбу масала бўйича мулоқот қилган. Венесуэла ҳукумати Гонсалес мамлакатни тарк этиши учун уни “зарур қўриқлов гувоҳлиги” билан таъминлаган.

Гонсалес, расмий маълумотларга кўра, президент сайловида 44 фоиз овоз тўплаган, амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро эса 51,2 фоиз овоз йиғган. Мухолифат расмий натижаларга қарши чиқди. Мамлакатда оммавий норозиликлар бўлиб ўтди. Венесуэла суди Гонсалесни ҳибсга олиш учун ордер берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.