Google ўзининг СИ маълумотларига ишлов бериш марказларини ядро реакторлари ёрдамида энергия билан таъминлашни режалаштирмоқда
Google компанияси ўзининг энергияга чанқоқ маълумотлар марказларини кам углеродли электр энергияси билан таъминлаш учун Kairos Power стартапига олти-еттита кичик модулли ядро реакторларини (SMR) буюртма қилди. Бу ҳақда Financial Times хабар беради.
Google ва Kairos’нинг таъкидлашича, технологик компания умумий қуввати 500 МВт бўлган SMR-ларга буюртмани жойлаштирди, бу эса Kairos’га 2030 йилгача биринчи тижорат реакторини ва 2035 йилгача қўшимча реакторларни ишга тушириш имконини беради.
Компаниянинг энергетика ва иқлим бўйича катта директори Майкл Терреллнинг сўзларига кўра, келишув Google компаниясининг “тоза энергия сари 15 йиллик йўлдаги муҳим босқичини” белгилаб беради. Реакторлар электр тармоғидан қувватланадими ёки тўғридан-тўғри маълумотлар марказларига уланадими, деган саволга Террелл Google барча вариантларни кўриб чиқаётганини айтди.
Иккала компания ҳам келишув нархи ёки Google SMR реакторлари қурилишини олдиндан молиялаштириши ёки улар қурилганидан кейин электр энергияси учун тўлаши ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Google-Kairos келишуви технологик компания атом электр станциясини ишга туширишга ёрдам бераётган биринчи келишувдир. Охирги 20 йил ичида АҚШда фақат учта реактор ишга туширилган.
Катта миқёсдаги атом станциялари билан солиштирганда, SMR реакторлари «соддалаштирилган, бошиданоқ хавфсиз конструкцияга эга, тез қурилади ва ер майдонига мослашади», дейди Террелл.
Калифорниянинг Аламеде шаҳрида жойлашган Kairos компанияси сув билан эмас, балки эритилган фторид тузи билан совутиладиган реакторни яратди. Декабрь ойида компания АҚШ ядровий тартибга солиш комиссиясидан Теннесси штатида Hermes номли 50 мегаваттлик намойиш реакторини қуришга рухсат олди. Бу сўнгги ярим асрда Қўшма Штатларда янги турдаги реактор қуриш учун биринчи рухсатнома бўлди. АҚШ Энергетика вазирлиги Advanced Reactor Demonstration дастури доирасида Hermes лойиҳасига тахминан 300 миллион доллар сармоя киритмоқда. Компания Hermes қурилишини июль ойида бошлаган ва уни 2027 йилгача ишга туширишни режалаштирган. Сентябрь ойида компания Нью-Мексикодаги Албукерке шаҳрида туз заводи ва иккита ёқилғи лабораторияси қуришини билдирган.
Шарҳлар