Тожикистонда гўшт нархи кўтарилиб кетди
Тожикистонда гўшт нархи ошиб кетди, ҳукумат эса бунга сабаб сифатида аҳоли орасида қўй ва мол гўштига талаб ортганини келтирди, деб ёзади Sputnik.
“Ҳозир биз аҳолининг 99,9 фоизини гўшт билан таъминлаяпмиз, аммо унинг нархи пасаймаётгани сабаби шундаки, бозор талаби ошиб бормоқда ва озуқа ем чет элдан импорт қилинмоқда”, — деди Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Нигина Анвари. У айни пайтда республика гўштни экспорт ҳам, импорт ҳам қилмаётганини таъкидлади.
Вазирлик чорва моллари сонини ошириш ҳамда товуқ ва балиқ нархларини тартибга солиш зарурлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ОАВлар Тожикистонда гўшт нархи ошгани ҳақида ёзмоқда. Душанбенинг баъзи бозорларида мол гўшти 80-82 сомоний (95-97 минг сўм)ни, қўй ва эчки гўшти эса 85 сомоний (101 минг сўм)ни ташкил қилмоқда.
Авваллари эса мол гўшти 71 сомоний (84 минг сўм), қўй гўшти эса 75 (89 минг сўм) сомоний нархда сотилиб келган.
Шарҳлар