Трамп АҚШдаги коллежларни битирадиган чет эллик талабаларнинг барчасига грин-карта ваъда қилди
Америка таълим муассасаларини битирган чет эллик талабалар ОТМни тугатганлик ҳақидаги дипломига қўшимча равишда грин-картани қўлга киритиши керак, дея маълум қилди АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп All-In Podcast Youtube-каналига берган интервьюсида.
“Коллежни битиряпсанми, демак мамлакатимизда қолиш имкониятига эга бўлиш учун дипломингнинг бир қисми сифатида автоматик тарзда грин-картани қўлга киритишга лойиқсан, деб ўйлайман”, — деди Трамп. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ривожига аҳамиятли ҳисса қўша оладиган энг малакали битирувчилар мамлакатда қолиши мумкин.
Бошловчиларнинг Трамп “Америкага бутун дунёдан энг яхши ва ёрқин одамларни импорт қилиш” учун кўпроқ имкониятларни тақдим этишга ваъда бериш-бермаслиги ҳақидаги саволига жавобан, собиқ президент бунга ваъда беришини, чунки бу мақсадга қўшилишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президенти сайловига ўз номзодини қўймоқчи.
Шарҳлар