Грузия Конституциявий суди «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни тўхтата олмади

Фото: Getty Images

Грузия Конституциявий суди мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг даъво судда кўриб чиқилаётган пайтда хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни тўхтатиб туришни сўраган илтимосномасини рад этди. Бу суднинг сайтида эълон қилинган қарордан маълум бўлди.

“Даъвогарнинг баҳслашилаётган нормаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги талаби иш бўйича якуний қарор қабул қилинмагунча қаноатлантирилиши мумкин эмас”, дейилади қарорда.

14 май куни Грузия парламенти хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжатда хориждан молиялаштириладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг реестрини яратиш кўзда тутилган. Бир қатор америкалик ва европалик сиёсатчилар ташаббусга қарши чиқди, чунки уларнинг фикрича, бу сўз эркинлигини чеклаши мумкин.

18 май куни Грузия президенти ҳужжатга вето қўйди, бироқ парламент уни бекор қилди. 3 июнь куни мамлакат парламенти раиси Шалва Папуашвили хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни имзолади. Зурабишвили қонунга қарши Конституциявий судга даъво аризаси билан мурожаат қилди, чунки у бу қонунни миллатга қарши ва конституцияга мос келмайди, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Грузия раҳбарияти билан алоқаларни тўхтатган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.