Грузия МСК президентни сайловлардаги электрон технологияларни обрўсизлантиришда айблади
Грузия Марказий сайлов комиссияси президент Саломе Зурабишвилини сайловлардаги электрон технологияларни обрўсизлантиришда айблади. Ушбу баёнот МСК сайтида эълон қилинган.
Марказий сайлов комиссияси вакилларининг айтишича, Саломе Зурабишвили сўнгги кунларда жамоатчиликни сайловлар сохталаштирилганига ишонтирмоқда. Жумладан, улар Зурабишвилининг интервьюсида сайловлар вақтида “каруселлар” ташкил этилгани ва фуқаро битта айди-карта ёрдамида 17 мартагача овоз бериши мумкинлиги ҳақидаги сўзларини келтириб ўтади.
Марказий сайлов комиссияси Зурабишвилининг сўзлари ёлғон ва асоссиз эканини даъво қилмоқда. Баёнотда Американинг PRO V&V аудиторлик компанияси вакилларининг сўзлари келтирилади, уларга кўра сайловларда овозларни электрон санаш қоидабузарликларсиз ишлаган.
Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини танқид қилиш “ҳақиқатни инкор этиш ва жамоатчиликни чалғитишга уриниш” эканини айтди.
Шарҳлар