Грузия президенти: ЕИ ва АҚШ ҳукуматнинг душманона сиёсатига ёрдамни музлатиш ва машғулотларни бекор қилиш билан жавоб берди
Грузия президенти Саломе Зурабишвили АҚШ ва Европа Иттифоқининг ҳарбий машғулотларни тўхтатиш ва молиявий ёрдамни музлатиш ҳақидаги қарорларига изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, «Муносиб ҳамкор» машғулотларининг бекор қилиниши ва Грузия мудофаа кучларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 30 миллион евронинг музлатилиши Грузия ҳукуматининг Европа ва Ғарбга қарши риторикасига жавобдир.
Зурабишвилининг сўзларига кўра, шунингдек бу расмийларнинг Ғарбдаги ҳамкорларнинг хорижий агентлар тўғрисидаги “Россия қонуни” қабул қилинишига қарши огоҳлантиришларига эътибор бермаслигига муносабат ҳамдир. Президент бу чора-тадбирлар жамият учун огоҳлантириш ҳамда европача келажак ва яккаланиб қолиш орасида танлов қилишга чақириқ эканлигини таъкидлади.
ЕИ Европа Тинчлик Жамғармасининг 30 миллион евролик ёрдамини музлатиб қўйди, деди Европа Иттифоқининг Грузиядаги элчиси Павел Герчинский, агар вазият ёмонлашса, бошқа чоралар кўрилишини қўшимча қилди. Герчинский, шунингдек, Грузиянинг ЕИга кириш жараёни тўхтатилганини таъкидлади.
Пентагон Тбилиси билан икки томонлама ҳамкорликни кўриб чиқиш доирасида “Муносиб ҳамкор” машғулотларини номаълум муддатга қолдирганини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, Грузия ўтган йил декабрь ойида ЕИга аъзо бўлиш учун номзод мақомини олганди, шу йил май ойида эса парламент Ғарбнинг огоҳлантиришлари ва Грузиядаги норозиликларга қарамай, президент ветосини енгиб ўтиб, хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Шарҳлар