“Крокус”га ҳужумда гумонланувчилар сўроқ қилиниши акс этган видеолавҳа намойиш этилди (видео)

Фото: первый канал

Россиянинг “Биринчи канал” телеканали терактда гумонланиб қўлга олинган тўрт кишини сўроқ қилиш жараёни акс этган видеолавҳани намойиш қилди, деб ёзади “РБК”. Унга кўра, “Крокус Сити Холл” концерт мажмуасига ҳужум қилганлар Сайфулло исмли шахсдан топшириқлар олган.

Биринчи бўлиб Далержон Мирзоев сўроқ қилинган. Ҳужумдан кейин гуруҳнинг режалари қанақа бўлгани ҳақидаги саволга у “Киев томонга қараб”, — дея жавоб берган. “Сайфулло бизга Украинага, Киевга кетишимизни айтди. У ерда бир миллион рубль беришларини айтганди”, — деди Саидакрамий Рачабализода. Шундай сумма тўрт кишининг ҳар бирига ваъда қилинган, дея аниқлик киритди Муҳаммадсобир Файзов. Унинг қўшимча қилишича, Сайфулло Украина чегарасида уларни одамлар кутиб олиб, чегарадан ўтишда ёрдамлашади, деб ваъда берган.

Россия махсус хизматлари аниқлашича, чегарадан ўтиш учун иккита йўлак тайёрланган — Украина томонида Суми вилоятидаги чегарага ёндош Чуйковка ва Сопич қишлоқлари яқинида миналардан тозалаш ишлари олиб борилган. Ҳибсга олинганлар айтишича, Сайфуллонинг кўрсатмасига биноан, улар чегарагача 4 км масофада тўхтаб автомобилни ёқиб юбориши ва пиёда кетиши керак эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.