Хакерлар Украина ва Латвия телеканалларини бузиб кириб Москвадаги Ғалаба парадини намойиш этишди

Фото: РБК

Хакерлар Москвадаги Ғалаба парадини кўрсатиш учун Украина ва Латвия телеканалларини бузиб киришди. StarLightMedia ва «Интер» медиа-гуруҳлари телеканалларининг сунъий йўлдош орқали узатилиши хакерлик ҳужумига учради. Украина провайдерлари сигнални қабул қилишнинг IPTV муқобил усулига ўтишди.

Каналлари Ғалаба парадини намойиш этган Латвиянинг Balticom компанияси ҳам киберҳужумга учради, деб ёзади Delfi . Миллий электрон медиа кенгаши раиси Ивар Аболиньшнинг айтишича, воқеадан сўнг интернет-телевидение хизматлари ўчирилган, ҳодиса ҳолатлари аниқланмоқда.

Россия областларида ҳам телеканалларнинг бузиб кирилиши қайд этилган. Бошқирдистонда, шунингдек, Омск ва Иркутск областларида парад трансляцияси тўхтатилган. “Уфанет” провайдерининг абонентларига Украинадаги урушга оид кадрлар намойиш этилган.

Бундан ташқари, аннексия қилинган Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков «телевидение каналларини трансляция қилиш платформаларидан бири» бузиб кирилганини маълум қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.