ОАВлар Украинада 61 мингдан ортиқ Россия ҳарбийлари ҳалок бўлганини аниқлади
Украинада 2022 йил февралида бошланган тўлиқ кўламдаги урушда ҳалок бўлган 61 831 нафар россиялик ҳарбий хизматчининг шахслари аниқланган. Бу ҳақда “Медиазона” ва BBC Russia нашрлари маълум қилди. Хабарга кўра, энг кўп 30 дан 38 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлмоқда.
Таъкидланишича, 19 июлдан буён қурбонлар рўйхатига икки мингдан ортиқ одам қўшилган. “Сўнгги ойларда талафот анча аҳамиятли тарзда ошмоқда, биз уни қайд этишга улгурмай қоляпмиз”, — деб ёзади “Медиазона”. Натижада бир неча мингта исм ҳали кўриб чиқилмасдан турибди.
Германия канцлери Олаф Шольц май ойида Украинадаги урушда ойига 24 минг россиялик аскар ҳалок бўлаётгани ёки яраланаётганини маълум қилган эди.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги апрелда Россиянинг талафотини 450 минг кишига (ҳалок бўлган ёки яраланган) баҳолаган эди.
Шарҳлар