ҲАМАС АҚШ томонидан таклиф қилинган сулҳ режасига рози бўлди — ОАВ
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ томонидан таклиф қилинган, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режасига рози бўлди. Яқин кунларда ҲАМАС вакиллари сулҳнинг якуний тафсилотларини муҳокама қилиш учун Қоҳирага боради. Бу ҳақда Al-Arabiya телеканали ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш учун қўлга олинган асирларнинг бир қисмини — болалар, аёллар ва қарияларни озод этиши керак бўлади. АҚШ ташаббуси, шунингдек, Ғазо секторига аста-секинлик билан у ердан кўчириб юборилган фаластинликларни қайтаришни назарда тутади. ҲАМАС ушбу хабарлар юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансорий Al-Arabiya’га маълум қилишича, Исроил ва ҲАМАС жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш ҳақидаги келишувга ҳали яқин келгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, музокаралар иштирокчилари Рамазон ойи охирига қадар келишиб олишга умид қилмоқда.
Қоҳирада 3—7 март кунлари бўлиб ўтган сўнгги музокараларда ҲАМАС ва Исроил келишувга эриша олмаганди. Ўшанда Фаластин ҳаракати сиёсий идораси аъзоси Ғози Ҳамад музокараларни ножиддий деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС мулоқотга тайёр бўлса-да, Қуддус ҳаракатнинг талабларини бажаришдан бош тортмоқда.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 2023 йил 7 октябрда ҳаракатнинг Исроил ҳудудига ҳужуми билан бошланган эди. 1,2 минг одам ўлдирилган, 5,4 минг киши яраланган, 200 дан ортиқ исроилликлар ва хорижликлар ҲАМАС томонидан асирга олинган эди.
Шарҳлар