ҲАМАС Исроил билан сулҳ тузишга тайёр — CNN
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Яҳъё Синвар воситачилар орқали Исроилга хабар жўнатди, унда ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим тузиш истаги ҳақида айтилади, деб ёзади CNN исроиллик манбасига таяниб.
Нашрнинг вазиятдан хабардор манбаси аниқлик киритишича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ушбу масалада қандай позицияга эга экани ҳозирча ноаниқ. Бироқ таъкидланишича, АҚШ ҳукумати Исроилга низо кучайиб кетмаслиги учун битим тузиш вақти келганига ишора қилган.
Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги яқона келишув 2023 йил 24—30 ноябрь кунлари амал қилган. Ўшанда ҲАМАС 81 нафар исроиллик ва 24 нафар хорижликни асирликдан озод этганди. Ўшандан буён жанговар ҳаракатларни тўхтатиш масаласи кўп бора кўтарилган.
9 август куни Биньямин Нетаньяху канцелярияси Исроил делегацияси сулҳ ҳақидаги музокаралар учун 15 август куни жўнаб кетишини маълум қилганди.
Шарҳлар