Дуров Франция махсус хизматларига Telegram маълумотларини узатишни бошлади
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франция ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқани йўлга қўйди ва уларга Telegram фойдаланувчилари шахсини аниқлашда ёрдам берувчи маълумотларни узатишни бошлади. Бу ҳақда Франсиянинг Libération газетаси хабар бермоқда. Унинг маълумотларига кўра, Дуров яқинда куч тузилмалари сўровларини эътиборсиз қолдираётган бўлса, энди улар билан “мисли кўрилмаган ҳамкорлик”ни йўлга қўйиб, сўровларга жавоб бермоқда.
“Эшик ҳақиқатан ҳам очилмоқда”, — дея Париж прокуратураси кибержиноятчилик бўлими раҳбари Жоанна Брусс ҳамкорлик бошланганини тасдиқлади. Шу муносабат билан Франция ҳуқуқ-тартибот органларига Telegram’дан маълумот олиш имконсизлиги туфайли тўхтаб қолган суриштирувларни қайтадан бошлаш тавсия этилди.
Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган эди. Ҳибсга олиш учун ордер, расмийларга кўра, тадбиркор Telegram’дан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишдан бош тортгани билан боғлиқ. 28 август куни Париж суди Дуровни Франциядан чиқиб кетиш тақиқланган ҳолда 5 миллион евро гаров эвазига озод қилган эди.
Шарҳлар