Хитой Тожикистонда махфий ҳарбий база қураётгани маълум қилинди
Хитой қарийб ўн йилдан буён Тожикистоннинг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудида махфий ҳарбий база қурмоқда. Бу ҳақда The Telegraph ўз манбаларига таяниб хабар берди.
4000 метр баландликда жойлашган объектда кузатув миноралари бўлиб, у Хитой ва Тожикистон ҳарбий контингентини жойлаштириш учун мўлжалланган деб тахмин қилинмоқда.
Ушбу база қурилиши экспертлар томонидан Хитойнинг ўз чегаралари бўйлаб ҳарбий иштирокини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли стратегиясининг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Шунга ўхшаш ҳаракатларни Пекин Ҳиндистон билан чегарадаги Ҳимолай тоғларида ҳам амалга оширмоқда.
Тахминларга кўра, янги база “Толибон” ҳаракати назорати остида бўлган Афғонистондан хавфсизликка бўлаётган таҳдидларга реакция ҳисобланади. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара қарийб 1300 километрга чўзилган.
Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Линь Цзянь ушбу маълумотларни рад этди. “Сиз тилга олган вазиятдан бехабарман, аммо шуни ишонч билан айта оламанки, Хитой доимо мустақил тинч ташқи сиёсат тарафдори бўлиб келган ва Марказий Осиёда ҳеч қанақа ҳарбий базаларга эга эмас”, — деди у.
Шарҳлар