Норвегия, Финляндия ва Швеция ҳарбий-транспорт йўлагини яратади
Норвегия, Финляндия ва Швеция ушбу уч мамлакатнинг шимолий ҳудудларидан ўтувчи ҳарбий-транспорт йўлагини яратиш ҳақида келишиб олди. Қарор ҳақида Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре швед ҳамкасби Ульф Кристерссон ва Финляндия президенти Александр Стубб билан учрашувлардан кейин эълон қилди.
Стёренинг сўзларига кўра, янги йўлак ҳарбий хизматчилар ва қурилмаларни Норвегия портларидан Швеция ва Финляндия орқали тезкорлик билан жойлаштириш имконини беради. Учала мамлакат мудофаа вазирларига фуқаролик субъектлари билан ҳамкорликда йўлакни яратиш устида ишлаш топширилди. Йўлак узунлиги ва бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.
Аввалроқ Telegraph ўз манбаларига таяниб, НАТО мамлакатлари Европа ва Россия ўртасида “қуруқликдаги йирик уруш” юз берган тақдирда АҚШ қўшинлари ва зирҳли техникасини фронт чизиғига жойлаштириш учун кўп сонли “ер усти йўлаклари”ни ишлаб чиқаётганини маълум қилган эди. Хусусан, қўшинларни Болқондаги портлар ёки Норвегия, Швеция ва Финляндия орқали жойлаштириш вариантлари кўриб чиқилаётган эди.
Шарҳлар