Харрис ўзининг сайловолди дебют нутқида Трампни танқид қилди

Фото: DW

АҚШ вице-президенти Камала Харрис Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди ташвиқотининг илк митингида бўлажак президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампни кескин танқид қилди.

Харриснинг таъкидлашича, Трамп мамлакатни ўтмишга қайтармоқчи,  у «эркинлик, раҳм-шафқат ва қонун устуворлиги» ва «тартибсизлик, қўрқув ва нафрат мамлакати» ўртасида танлов қилиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг нутқининг асосий мавзуси аборт ҳуқуқлари бўлиб, у ерда Трампни абортни тақиқлашга интилаётганликда айблади. Харрис аёлларнинг ўз танаси ҳақида ўзлари қарор қабул қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга ваъда берди ва ҳукуматнинг бу ишларга аралашишига йўл қўймаслигини айтди.

Харрис, шунингдек, агар президент этиб сайланса, касаба уюшмаларига аъзо бўлишни осонлаштиришга ва қуролли зўравонликка қарши курашишни ваъда берди. 17 дақиқалик нутқида у тажовузкор риторикадан фойдаланди ва прокурор сифатидаги тажрибасини Трампнинг бир нечта жиноий иши ва биттасида яқинда судланганлиги билан таққослади.

Сайлов олдидан ўтказилган биринчи сўровда Харрис Трампни ортда қолдирди, хусусан уни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлаган. Reuters ва Ipsos компанияси ҳамкорлигида ўтказилган сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 56 фоизи Харрисни ақлли ва қийинчиликларни енгишга қодир, респондентларнинг атиги 49 фоизи Трамп ҳақида шундай фикрда экани маълум бўлди. Аввалги сўровда, Жо Байден қайта сайланмоқчи эмаслигини эълон қилишидан олдин, Трамп ва Харрис ҳар бири 44 фоиздан овоз олганди, июль ойи бошида эса Трамп Харрисни бир фоиз пунктга ортда қолдирганди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.