Россия самолёти бир кунда уч марта Япония ҳаво ҳудудига бузиб кирди
Япониянинг F-15 ва F-35 қирувчилари 23 сентябрь куни мамлакат ҳаво ҳудудига бузиб кирган Россия ҳарбий разведка самолётига қарата огоҳлантириш мақсадида ракеталар учирди, деб ёзади DW.
The Wall Street Journal қайд этишича, бу Япония мудофааси томонидан огоҳлантирувчи ўт очилиши билан боғлиқ 1958 йилдан буён кузатилган биринчи ҳолат бўлган.
Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси маълум қилишича, Россиянинг Ил-38 патруль самолёти 23 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 13:00 ва 16:00 оралиғида япон архипелаги шимолидаги Ребун ороли сувлари устидан учиб ўтиб, уч марта Япония ҳаво ҳудудига бузиб кирган.
Хаяси қўшимча қилишича, Япония ушбу ҳодиса муносабати билан Россияга “ўта қатъий норозилик” билдирган. Япония самолётлари Россия самолётига икки марта огоҳлантириш бериб, уларнинг ҳудудини тарк этишни талаб қилган, сигнал ракеталарини эса учинчи огоҳлантиришдан кейингина учирган. Россия Мудофаа вазирлиги воқеа юзасидан изоҳ бергани йўқ.
Шарҳлар