КХДРнинг ахлат ортилган ҳаво шари Жанубий Корея президенти офисига учиб келди
КХДРдан учиб келган ҳаво шари Жанубий Корея президенти офиси ҳудудига қўнди, деб хабар бермоқда Yonhap. Президент хавфсизлик хизмати шар таркибини ўрганиб чиқиб, у кимёвий, биологик ёки радиациявий хавф туғдирмаслигини маълум қилди. Идора Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси билан биргаликда вазиятни кузатишда давом этаётганини қўшиб қўйди.
Жанубий кореялик ҳарбийлар 21 июль куни Шимолий Корея чегарадан яна ахлат ортилган ҳаво шарларини учиргани ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳукумат аҳолини ерга тушган объектларга тегмасликка ва улар ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига ёки ҳарбийларга хабар беришга чақирди.
Аввалроқ Сеул КХДР билан чегарада овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришларни қайта тиклаган, халқаро янгиликлар, демократия ва капитализм ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, K-pop жанридаги мусиқани узатишни бошлаган эди. Жанубий Корея томони ушбу чораларни Пхеньяннинг шарлардан фойдаланиб уюштираётган “разил, шармандали ва беадаб” аксияларига жавоб деб атади.
Шарҳлар