Қозоғистонда жамоат жойларида ҳижобда юришни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилади
Қозоғистон парламентида жамоат жойларида диний кийимда юришни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Мажлис депутати Ермурат Бапи маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.
Депутатнинг сўзларига кўра, диний кийим кийишни тақиқлаш масаласи жамоатчилик орасида пишиб-етилган.
“Айни пайтда биз учун энг муҳим масала мамлакатимиз миллий манфаатларини, миллий анъаналарни, миллий маданиятни сақлаб қолиш ҳисобланади. Агар ҳозирги вазиятга назар соладиган бўлсак, жамиятимизда қора кийинган қозоқлар кўпайди. Бу вазият бизнинг келажакдаги миллий манфаатларимизга жиддий хавф солади”, — деди Ермурат Бапи.
Унинг маълум қилишича, тегишли қонун лойиҳаси келгуси сессияда Парламентга киритилади.
“Шу сабабли, биз, бир гуруҳ депутатлар, шундай қонун лойиҳасини тайёрладик. У кузги сессияда Парламентга тақдим этилади. У қабул қилинганидан кейин жамоат орасида ҳижоб, ниқоб ва бошқа диний кийимлар масаласи ҳал бўлади. Ўшанда биз, эҳтимол, қандайдир қилиб диний кийим масаласини тартибга сола оламиз”, — дея хулоса қилди у.
Шарҳлар