Хитой COVID-19 пандемияси бошланганини икки ҳафта яшириб келган — ОАВ
Хитой тадқиқотчиларидан бири Пекин ўлимга олиб келувчи коронавирус тарқалгани ҳақида расман эълон қилишидан икки ҳафта аввалроқ, COVID-19 ни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вируси тузилмасининг деярли тўлиқ кетма-кетлигини маълумотлар базасига юклаган. Бу ҳақда АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллар палатасига топширган маълумотларга таяниб, The Wall Street Journal хабар бермоқда.
2019 йил 28 декабрь куни Пекин патогенлар биологияси институтидан доктор Лили Рен АҚШ ҳукумати томонидан бошқарилувчи маълумотлар базасига SARS-CoV-2 тузилмасининг деярли тўлиқ кетма-кетлигини юклаб қўйган. Ўша вақтда, WSJ қайд этишича, Хитой ҳукумати Уханда авж олган касалликни “номаълум пневмония” деб атаган, касаллик бошланган деб тахмин этилувчи Хуанан денгиз маҳсулотлари бозори эса ҳамон очиқ бўлган.
Америка ҳукумати маълумотларига мувофиқ, Хитой SARS-CoV-2 вируси кетма-кетлигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан 2020 йил 11 январидагина бўлишган.
WSJ таъкидлашича, мана шу бир неча ҳафта COVID-19 тарқалиш усулини тушуниб олишда “ҳал қилувчи рол”ни ўйнаши мумкин эди, шунингдек, тиббий тавсиялар ишлаб чиқиш ва вакцина устида иш бошлаш учун вақт берган бўларди. “Бу шуни билдирадики, биз Хитой ҳукумати томонидан эълон қилинган ахборотнинг аниқлигига нисбатан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак”, — деди ССВ ҳужжатлари билан танишиб чиққан америкалик вирусолог Жесси Блум.
“Хитой илмий маълумотларга таянган ҳолда, COVID’га жавоб қайтариш чораларини такомиллаштиришда давом этмоқда”, — деди Хитой элчихонаси вакили.
Доктор Лили Рен газета сўровига жавоб бермаган. WSJ ёзишича, шартнома ҳужжатларида Рен АҚШ томонидан молиялаштирилувчи, коронавирусларни ўрганиш бўйича лойиҳа иштирокчиси сифатида кўрсатилган. Хитойдаги кўршапалаклар намуналарини тўплашни ўз ичига олган лойиҳани EcoHealth Alliance нотижорат ташкилоти назорат қилган.
Хитой ҳукумати ЖССТдан коронавируснинг хавфлилиги ҳақидаги маълумотларни бекитгани тўғрисида аввалроқ Ғарб ОАВлари бир неча марта хабар берган. Associated Press 2020-йил майидаёқ АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигига таяниб, Хитой дори-дармонлар ва ҳимоя воситалари захираларини тўплаб олиш учун коронавируснинг авж олиши кўламини ва у қанчалик юқумли экани ҳақидаги маълумотларни яширгани ҳақида ёзганди.
Ундан бир ой олдин Fox News телеканали коронавирус Хитой лабораторияларидан бирида вирусларни аниқлаш ва уларга қарши кураш бўйича фаолиятда АҚШдан ўзиб кетишга уринишлари натижасида пайдо бўлганини хабар қилган. Телеканал маълумотларига кўра, лаборатория ходимларидан бири тасодифан COVID-19’ни юқтириб олган.
Шунингдек, South China Morning Post ҳукумат ҳужжатларига асосланиб, Хитойда COVID-19 билан касалланиш бўйича биринчи тасдиқланган ҳолат 2019 йил 17 ноябрида қайд этилгани, аммо шифокорлар ўша вақтда касалликнинг хавфини тўлиқ англамаганини маълум қилганди.
Хитой “номаълум пневмония” билан бир неча киши касаллангани ҳақида расман 2019 йил 31 декабрда эълон қилганди. Хитой ҳукумати коронавируснинг сунъий келтириб чиқарилганини бир неча марта рад этган ва АҚШни ёлғон маълумотлар тарқатмасликка чақирган эди. Шунингдек, Пекин вирус ҳақидаги ахборотни ЖССТга беришни кечиктирганини ҳам рад этган.
Шарҳлар