Хитой Мудофаа вазирлиги: АҚШнинг Тайванга қурол-яроғ етказиб бериши урушга олиб келиши мумкин
Хитой Мудофаа вазирлигининг расмий вакили У Цзянь АҚШнинг яқинда Тайванга қурол-яроғ етказиб бериш учун 567 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарори муносабати билан жиддий ташвиш билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар орол мустақиллиги тарафдорларини қўллаб-қувватлайди ва можаронинг кучайишига олиб келиши мумкин.
«Таъкидлаш керакки, Тайванни қуроллантириш «Тайван мустақиллиги» тарафдорларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. «Тайван мустақиллиги» эса урушни англатади», – деди У Цзянь ва Тайвандан Хитойни тийиб туриш учун фойдаланиш уринишлари муқаррар равишда салбий оқибатларга олиб келишини қўшимча қилди.
Бу баёнот АҚШ Президенти Жо Байденнинг сентябрь ойи охирида Тайванга ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллаган фармойиши фонида янгради. Бу йилнинг июнь ойида Қўшма Штатлар 300 миллион доллар қийматидаги учувчисиз учиш аппаратлари сотилишини ҳам маъқуллаган эди.
Тайван 1949 йилдан буён ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, аммо Хитой ҳамон оролни ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди. АҚШ томонидан «ягона Хитой» сиёсатини расман тан олишига қарамай, Вашингтон ва Тайбэй ўртасидаги муносабатлар чуқурлашиб бормоқда, бу эса Пекинда хавотир уйғотмоқда.
Шарҳлар