Хитойлик болаларни чет элликлар асраб олиши тақиқланди
Хитой ҳукумати энди мамлакат болаларини чет элликлар асраб олишига рухсат бермайди, деб ёзмоқда NBC NEWS.
ТИВ матбуот котиби Мао Нингнинг сўзларига кўра, қон қариндошлари фарзанд ёки ўгай болани асраб олиши бундан мустасно. У бу қарорга кўп изоҳ бермади ва тегишли халқаро конвенциялар руҳига мос келишини айтди.
Хабарга кўра, ўнлаб йиллар давомида кўплаб хорижликлар Хитойга бола асраб олиш учун ташриф буюришган ва кейин уларни чет элдаги янги уйига олиб кетишган. Хитой COVID-19 пандемияси даврида халқаро фарзанд асраб олишни тўхтатди. Аммо кейинчалик чет элликлар томонидан фарзанд асраб олишга яна рухсат берилди. Энди эса бу бутунлай тақиқланмоқда.
Давлат департаменти ҳисоботига кўра, АҚШ консуллиги 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг сентябригача бўлган 12 ой ичида Хитойдан фарзанд асраб олиш учун 16 та виза берган.
Шарҳлар