Исроил армияси Байрутга зарба бериб, “Ҳизбулло” командирини йўқ қилди
Исроил Байрут жанубига берган зарба оқибатида “Ҳизбулло” ҳаракатининг юқори мансабли командири Фуад Шукур ҳалок бўлган. Бу ҳақда Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) маълум қилган. Аммо ҳаракатнинг ўзи бу баёнотга изоҳ берганича йўқ. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, Фуад Шукур “Ҳизбулло” бош котиби Ҳасан Насрулланинг “ўнг қўли”, шунингдек, ҳарбий операцияларни режалаштириш ва бошқариш бўйича маслаҳатчи бўлган.
“ЦАХАЛ шуни эълон қиладики, разведка маълумотларига асосланган мақсадли зарба оқибатида Исроил қирувчилари “Ҳизбулло” террорчилик ташкилотининг энг юқори мансабли командири ва стратегик бўлинма раҳбари Фуад Шукур ёки Саид Муҳсинни йўқ қилди”, — дейилади ЦАХАЛ хабарида.
30 июль куни Исроил армияси Ливан пойтахти Байрутга зарба берилгани ҳақида маълум қилди. Ҳужум нишони “Ҳизбулло” командири бўлган, ЦАХАЛ уни 27 июль куни Голан тепаликларига берилган зарбалар учун жавобгар қилган эди. Ҳужум учувчисиз учар қурилма ёрдамида амалга оширилган, у учта ракетани отган. Камида 68 киши жабрланган.
Шарҳлар