Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” ракета бўлинмаларида жанговар шайлик даражасини пасайтирди
Эрон Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Теҳронда ўлдирилишига жавоб қайтаришни кечиктириши кутилмоқда, деб ёзади The New York Times АҚШ, Эрон ва Исроилдаги манбаларига таяниб. Газета маълумотларига кўра, Теҳрон воситачиларга Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришиш учун вақт бермоқда.
NYT ёзишича, Исроил разведкаси Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” ўз ракета бўлинмаларида жанговар шайлик даражасини пасайтирган, деб ҳисоблайди. Айни пайтда Исроил Эроннинг зарбаси кейинроқ берилиши мумкин, деган фикрда. Аммо Исроил разведкаси маълумотлари доимий ўзгариб турибди.
Аввалроқ Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” Теҳронда Исмоил Хония ва Байрутда Ливан ҳаракатининг ҳарбий қаноти қўмондонларидан бири Фуад Шукур ўлдирилганидан кейин Исроилга зарба бериш билан таҳдид қилган эди. Шунингдек, Reuters Эрон Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувларга эришиш учун ҳужумни кечиктиришга тайёрлигини маълум қилганди.
Шарҳлар