Исроил Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”нинг бир нечта қўмондонлари йўқ қилинганини билдирди
Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва унинг ўринбосари Ҳусайн Аҳмад Исмоил йўқ қилинганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Улар билан бирга, ЦАХАЛ маълумотларига кўра, Ливан жанубида ракета бўлинмасининг бошқа қўмондонлари ҳам ўлдирилган.
“Террорчи Муҳаммад Али Исмоил Исроил давлатига қарши кўплаб террорчилик ҳаракатлари ташкил қилинишига масъул бўлган, шу жумладан, 25 сентябрь, чоршанба куни Исроил ҳудудининг ўққа тутилиши ва мамлакат марказий қисмига “ер-ер” синфидаги ракета учирилишига жавобгар бўлган”, — дейилади армия матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ ЦАХАЛ Исроил армияси Ливан жанубидаги Тир шаҳри яқинида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатланиш объектларига зарбалар бераётганини маълум қилганди. Исроил зарбалардан аввал Байрут жанубидаги иккита туман аҳолисини зудлик билан эвакуация қилишга чақирган эди. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, у ерда Ливан ҳаракатининг ер ости стратегик объектлари жойлашган.
Шарҳлар