Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди
Эрон президенти Иброҳим Раисий 19 май куни мамлакатнинг Шарқий Озарбайжон вилоятида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Mehr давлат агентлиги хабар берди. У билан бирга бортда бўлган ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Табриз жума намози имоми оятуллоҳ Муҳаммад Али Ал-э-Ҳошим, Шарқий Озарбайжон вилояти раҳбари Малик Раҳматий, вертолёт экипажи ва бир нафар қўриқлов ходими ҳам ҳалок бўлган.
Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт 19 май куни Эрон делегациясининг ташрифидан сўнг Озарбайжондан қайтиб келаётган эди. Шарқий Озарбайжон вилоятининг Арсбарана туманида у ҳалокатга учраган ва ғойиб бўлган. Уни 73 та қутқарув отряди 10 соатдан кўпроқ қидирган.
20 май куни эрталаб Туркиянинг Bayraktar Acinci учувчисиз учар қурилмаси Эрон томонига Эроннинг Тавел қишлоғи яқинида, Озарбайжон билан чегарадан 30 км масофада иссиқлик манбаси аниқлангани ҳақидаги маълумотларни узатди, ўша ердан вертолёт топилган. У бутунлай ёниб кетган, дея маълум қилди эронлик мансабдор. Эроннинг Қизил ярим ой жамияти билдиришича, ҳалокатга учраган ҳаво кемаси бортида омон қолганлар топилмаган.
Шарҳлар