Украина Россия иштирокидаги иккинчи тинчлик саммитини АҚШдаги сайловгача ўтказмоқчи
Украина ҳукумати АҚШда президент сайловлари бўлиб ўтадиган ноябрь ойигача тинчлик бўйича иккинчи жаҳон саммитини ташкиллаштирмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб ёзмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, бу сафар Украина Россия делегациясини таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Ғарб мамлакатларидан аноним мансабдорлар қайд этишича, бундай тадбир жуда “аниқ-равшан мақсад ва кутилмалар” билан ташкил қилиниши керак. Шу билан бирга, америкалик расмий шахсларнинг баъзилари Россия ва Украина иштирокида саммит ташкил қилиш имкониятига шубҳа билан қараган.
Саммитни АҚШдаги президент сайловигача ўтказиш зарурияти Дональд Трампнинг эҳтимолий ғалабаси билан боғлиқ. АҚШ собиқ президенти сайловда ғолиб бўлган тақдирда, Украинадаги низони 24 соат ичида тугатишга ваъда берган. ОАВлар ёзганидек, у Украина Россия билан музокаралардан бош тортса, унга ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилишни режалаштирган.
Тинчлик бўйича биринчи саммит 15—16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтган, унга Россия таклиф этилмаган эди.
Шарҳлар