Россия Украинага Ил-76 самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишга тайёр
Украина Белгород вилоятида Ил-76 самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадлари берилиши масаласида Россия вакилларига мурожаат қилган. Бу ҳақда Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова маълум қилди.
“Россия томони жасадларни беришга тайёрми-йўқми — шу масалада суҳбат бўлди”, — деди омбудсмен.
Унинг сўзларига кўра, Россия томони ҳалок бўлганларнинг жасадларини беришга тайёр.
“Ҳа, тайёрмиз, бунинг учун процедура нуқтаи назаридан барча зарур нарсалар бор… Жасадлар мавжуд процедураларга мувофиқ топширилади”, — дея қўшиб қўйди Москалкова.
Омбудсмен Олий Рада вакили Дмитрий Лубинц билан алоқада бўлиб турганини айтди. Унинг даъво қилишича, Россия томонида самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг “шахсини аниқлаш имконини берувчи далиллар ва ДНКлар бор”.
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бортда 74 киши бўлган, уларнинг 65 нафари Украина қуролли кучларининг асирдаги ҳарбийларидир. Белгород губернатори Вячеслав Гладков уларнинг барчаси ҳалок бўлганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотлари бўйича, самолёт Харьков вилоятининг Липци аҳоли пункти ҳудудидан зенит-ракета мажмуаси ёрдамида ҳужумга учраган. Россия ТИВ ҳодисани теракт деб атади ва жавобгарликни Украинага юклади. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов маълум қилишича, 24 январь куни Россия ва Украина ўртасида “192 га 192” формуласи бўйича асирлар билан айирбошлаш бўлиб ўтиши керак эди: Ил-76 да 65 киши бўлган, қолганлар иккинчи самолётда юборилган, аммо у ҳалокатдан кейин ортга қайтарилган; унинг фикрича, Ил-76 Украина томонидан “бу айирбошлашувни йўққа чиқариб, сўнг бунда Россияни айблаш учун” уриб туширилган.
Украина ҳарбий разведкаси 24 январга асирлар алмашинуви белгиланганини тасдиқлади. Аммо Украина асирлар қайси йўналиш билан ва қай тарзда етказилиши ҳақида хабардор қилинмаган, шунингдек, Белгород ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмаган, “авваллари эса бир неча марта шундай қилинган”. Украина хавфсизлик хизмати “уруш қонунлари ва одатлари бузилиши” ҳақидаги модда бўйича жиноят иши очди.
Кейинроқ Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Ил-76 самолётида ҳарбий асирлар бўлмаганини маълум қилди.
Шарҳлар