Мексикада биринчи марта аёл киши президент бўлиши мумкин
Мексикада ҳукмрон Морена партиясидан номзод Клаудия Шейнбаум, экзитпол натижаларига кўра, президентлик сайловларида ғалаба қозонмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Клаудия Шейнбаум 57 фоиздан ортиқ овоз билан Мексикадаги президентлик сайловларида етакчилик қилмоқда. Мексика Марказий сайлов комиссиясининг якуний сайлов натижалари 5—8-июнь кунлари эълон қилинади.
Гендер зўравонлик кенг тарқалган ва аёллар фақат 1953 йилдагина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатда ижро ҳокимиятини илк марта аёл киши бошқариши кутилмоқда, — дейилади хабарда.
2 июнь куни Мексикада умумий сайловлар бўлиб ўтди. Мамлакат фуқаролари янги президентни, конгресс қуйи палатасининг 500 депутатини ва 128 сенаторни сайлади. Шунингдек, ҳудудларда саккиз нафар губернатор ва Мехико мери учун ҳам овоз беришди.
Шейнбаум илмий соҳада ўз карьерасини яратган. У Берклида Калифорния университетида ўқиб, Мексика миллий мухтор университетида физика бўйича илмий даража олган, шунингдек, энергетика муҳандислиги соҳасида докторлик даражасини қўлга киритган.
Шарҳлар