Эрон президентининг вертолёти қулаган жойдан олинган илк тасвирлар эълон қилинди
Эроннинг Mehr давлат ахборот агентлиги мамлакат президенти Иброҳим Раисийнинг вертолёти қулаган жойдан фотосурат эълон қилди.
Суратда ҳалокатга учраган транспорт воситасининг бир қисмини кўриш мумкин, унинг ёнида эса қидирув гуруҳи аъзолари турибди.
Шунингдек, ISNA агентлиги вертолёт қулаган жойдан видеотасвирни эълон қилди. Унда Эрон президентининг вертолёти қулаган тахминий жойни кўриш мумкин, бу ерлар тепаликлардан иборат.
Бортида Эрон президенти бўлган вертолёт 19 май куни кечқурун Эроннинг шимоли-ғарбидаги баландликлар билан қопланган ҳудудида ҳалокатга учради. Вертолётда Раисий билан бирга ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Табриз шаҳар масжиди имоми оятуллоҳ Муҳаммад Али Ал-э-Ҳошим, Шарқий Озарбайжон вилояти раҳбари Малик Раҳматий ҳам бўлган. Делегация Озарбайжондан қайтиб келаётган эди.
20 май куни эрталаб вертолёт қулаган жой аниқланди, Mehr агентлиги Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган сиёсатчиларнинг барчаси ҳалок бўлганини маълум қилди.
Шарҳлар