Илон Маск антисемитизм бўйича айбловлар фонида ўғли билан Освенцимга ташриф буюрди
Х ижтимоий тармоғи яҳудийларга қарши фикрларга рухсат беришда айбланганидан кейин, унинг эгаси америкалик бизнесмен Илон Маск Освенцим концлагерига ташриф буюрди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унга ўғли Техникус Механикус ҳамроҳлик қилган. Шундан кейин миллиардер Европа яҳудийлар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган антисемитизм муаммосига бағишланган конференцияда қатнашди.
Освенцимга келганидан кейин, Маск яқин вақтларгача антисемитизм тарқалиш кўламига нисбатан “соддалик билан” муносабатда бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу шу билан изоҳланадики, унинг кўпчилик дўстлари яҳудийлар, шу сабабли у деярли ҳеч қачон антисемитизмга дуч келмаган.
Аввалроқ Америка яҳудийлар ноҳукумат ташкилоти — Антидиффамацион лигаси Маскни унга тегишли Х платформасида яҳудийларга қарши постларга бепарволик билан қаралишида айблаган эди.
2023 йил ноябрида ҳам Илон Маск танқидга учраган, ўшанда у Х фойдаланувчиларидан бирининг яҳудийлар жамияти оқ танлиларга нисбатан ўзлари чек қўйилишини талаб қилаётган муносабатни кўрсатаётгани ҳақидаги фикрига қўшилгани туфайли, ҳатто Оқ уй томонидан ҳам танқид қилинган эди. Ушбу воқеалар фонида энг йирик реклама берувчилар — Apple ва Walt Disney Х ижтимоий тармоғи билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйди. IBM, Warner Bros., Lionsgate, Paramount ва Sony Pictures ҳам шундай қарорлар қабул қилди. Шундан кейин Маск Х даромадларининг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам учун юборишга ваъда берди.
Ноябр охирида Илон Маск Исроилга ташриф буюрди. У бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳамда президент Исаак Герцог ва ҳарбий кабинет вазири Бенни Ганц билан учрашди. 18 декабр куни Еврокомиссия Х ижтимоий тармоғига қарши суриштирув бошланганини эълон қилди. Ташкилот Х ноқонуний контентни ўчириш бўйича талабларни бузган-бузмаганлиги, шунингдек, компания платформадаги манипуляциялар ва дезинформацияга қарши кураш учун етарлича ҳаракат қилаётгани юзасидан ўрганиш олиб бормоқчи.
Шарҳлар