Илон Маск cybercab учувчисиз такси ва robovan автобусини тақдим этди
Tesla компанияси ўзининг янги учувчисиз транспортини – Cybercab роботакси ва Robovan робофургонини тақдим этди. Компания раҳбари Илон Маск ишланмалар 2027 йилга келиб йўлларда пайдо бўлишини ва нархи 30 минг доллардан ошмаслигини маълум қилди. Шунингдек, компания маиший вазифаларни бажара оладиган Optimus робот-гуманоидларини намойиш этди.
Маск пайшанба куни, 10 октябрь оқшомида Калифорниядаги Warner Bros голливуд студиясида тақдимотни шахсан ўтказди, у компаниянинг веб-сайти ва X ижтимоий тармоғидаги Tesla саҳифасида трансляция қилинди. Тадбиркор саҳнага Tesla «кибертакси»ларидан бирида келиб, томошабинларга бу шинам автомобилларда руль ёки педаллар йўқлигини айтди, деб хабар беради Associated Press.
Cybercab сунъий интеллект томонидан бошқарилади ва индуктив (кабелсиз ишлайдиган) зарядловчи қурилмалар билан жиҳозланган.
Маск шунингдек, компаниянинг машиналарни инсон аралашувисиз ҳайдаш имконини берувчи автоном ҳайдаш технологиясидаги тараққиётига ишонч билдирди.
«Биз назорат қилинадиган тўлиқ автоном ҳайдашдан назорат қилинмайдиган тўлиқ автоном ҳайдашга ўтамиз. Қачонки сиз ухлаб қолишингиз ва манзилга етиб келганингизда уйғонишингиз мумкин бўлади. Бу шонли келажак бўлади», – деди миллиардер.
Унинг сўзларига кўра, Tesla’да Cybercab’нинг нархи 30 минг доллардан кам бўлишини кутишмоқда.
У автомобиллар «2027 йилгача» мавжуд бўлишини ҳисоблаб чиқди.
Tesla шунингдек, тўлиқ автоном ҳайдаш технологиясини 2025 йилда Техас ва Калифорнияда ўзининг оммабоп Model 3 ва Model Y автомобилларида фойдаланиш мумкин қилишни режалаштирмоқда.
Илон Маск шунингдек, 20 тагача йўловчини таший оладиган учувчисиз автобус Robovan’ни намойиш этди.
Бундан ташқари, Tesla тақдимотида маиший вазифаларни бажара оладиган янгиланган Optimus робот-гуманоидларини, шунингдек, улар кундалик ишлар яъни посилкаларни ташиш ва ўсимликларни суғориш билан банд бўлган видеони кўрсатди.
Роботлар ташриф буюрувчилардан бир неча метр нарида юрди, сўнгра футуристик равонда рақс ҳаракатларини намойиш этди.
Маскнинг баҳолашича, Optimus’нинг нархи 28-30 минг долларни ташкил этади. Бошқа нарсалар қатори, улар болаларга қараш, газон ўриш, озиқ-овқат келтириш қобилиятига эга бўлади.
«Optimus’лар сизнинг орангизда юради. Сиз уларга яқинлашишингиз мумкин бўлади ва улар сизга ичимлик қуйиб беради», – деб якунлади Маск.
Шарҳлар