Илон Маск Россияга Starlink терминаллари етказиб берилганини рад этди
SpaceX компанияси Россияга Starlink сунъий йўлдош алоқаси терминалларини бевосита ёки билвосита сотгани йўқ. Бу ҳақда компания асосчиси Илон Маск маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У ОАВларда бу ҳақда пайдо бўлган хабарларни ёлғон деб атади.
“Бу мутлақо нотўғри. Бизга шу нарса маълумки, Starlink Россияга бевосита ёки билвосита сотилмаган”, — деб ёзди Маск Х ижтимоий тармоғида.
Россия қўшинлари Starlink тизими алоқа хизматларидан фойдаланаётгани ҳақида ўтган ҳафта Defense One нашри хабар берганди. Таъкидланишича, Россия армияси тизимни бир неча ой аввал ишлатишни бошлаган. Февралда SpaceX Россия ҳукумати ёки ҳарбийлари билан ҳеч қандай иш олиб бормаётгани маълум қилинганди.
Украина бутун фронт чизиғи бўйлаб Starlink терминалларини қўллаётгани ҳақида мамлакат ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов 2023 йил кузида хабар берганди. Киев 2022 йил февралида Россия қўшинлари киритилганидан кейин минглаб терминалларга эга бўлган.
Шарҳлар