Apple компанияси iPhone 16 смартфонларини тақдим этди
Apple компанияси ўзининг кузги тақдимотида янги iPhone 16 смартфонлари линейкасини тақдим этди, деб ёзади Медуза.
Янги смартфон босим даражаси датчиги бўлган Capture Button сенсорли тасвирга олиш тугмаси билан жиҳозланган. Унга енгил тегиш орқали фокус ва экспозиция блокланади, у босилса, суратга олинади. Шунингдек, iPhone 16 да Action Button тугмаси ҳам бўлиб, у бир йил аввал Pro-версияларга қўшилган эди.
iPhone 16 га Apple Intelligence сунъий интеллекти интеграция қилинди. У, хусусан, Siri овозли ёрдамчиси билан янада қулай мулоқот учун фойдаланилади. Масалан, ундан муайян фотосуратларни дўстларингизга юборишни сўрашингиз мумкин. “Эрикага шанба кунги барбекью фотоларини юбор”, десангиз, суратларни топиб, шу заҳоти юбориб қўяди”, — дея мисол келтирди Apple’нинг дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича катта вице-президенти Крейг Федериги. Шунингдек, Siri телешоу ва мусиқий тавсиялар ҳақида эслатиш учун хабарлар ичида маълумотларни топа олади.
Бундан ташқари, янги iPhone 16 фойдаланувчиларга атрофдаги нарсалар ҳақида маълумот олиш имконини беради — бунинг учун уларга камерани қаратиш кифоя. Бундай “визуал интеллект”дан ресторан ҳақида фикрларни ўқиш, итлар зотини аниқлаш ёки сайёҳлик манзиллари ҳақида маълумот олишда фойдаланиш мумкин.
iPhone 16 экранининг диагонали 6,1 дюймга, Plus моделлариники эса 6,7 дюймга тенг. iPhone 16 га уч нанометрли протсессорга эга янги А18 чипи ўрнатилади, у аввалги iPhone 15 процессоридан 30 фоизга тезроқ ишлайди. Янги iPhone 16 нархи 799 доллардан, iPhone 16 Plus’ники эса 899 доллардан бошланади.
Apple шунингдек, iPhone 16 Pro линейкасини ҳам тақдим этди. Уларнинг экранлари аввалги версиялардан катталашган бўлиб, iPhone 16 Pro 6,3 дюйм, Pro Мах эса 6,9 дюймлидир. Улар тўрт хил — қора, оқ, кумушранг ва янгича “саҳро титани” рангида чиқарилади. Apple таъкидлашича, iPhone 16 Pro’нинг автоном ишлаш вақти унинг барча смартфонлари ичида энг давомийси бўлади. iPhone 16 Pro нархи 999 доллар, Pro Мах нархи эса 1199 доллардан бошланади. Смартфонлар 20 сентябрдан сотила бошлайди.
Тақдимотда янги Watch Series 10 соати ва AirPods 4 наушниклари ҳам намойиш этилди. Соат энг ингичка корпус (9,7 мм) ва энг катта дисплейга эга. Соат нархи 399 доллардан бошланади.
Янги AirPods шакли бироз ўзгарган бўлиб, эшитиш сифати ошиши учун янгиланган чип ўрнатилган. Наушник икки хил моделда чиқарилади. Нархи 129 доллардан бошланади.
Шарҳлар