Қирғизистон ИИВ Бишкекда юз берган хорижий фуқаролар билан боғлиқ тартибсизликлар сабабли 10 нафар милиция ходимини лавозимидан маҳрум қилди

Фото: Kaktus Media

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигида 13 ва 18 май кунлари содир бўлган воқеалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унинг якунлари бўйича 20 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди, улардан ўн нафари, жумладан, Свердловск тумани Ички ишлар бошқармасининг бўлим бошлиғи лавозимидан маҳрум этилди.

13 май куни Бишкекда бир неча қирғизистонлик хостеллардан бирида яшовчи хорижликлар билан муштлашган. Ижтимоий тармоқларда 18 май куни миллатлараро тартибсизликларга сабаб бўлган муштлашув видеолари эълон қилинган. Номаълум шахслардан иборат гуруҳлар хорижликларнинг хоналарига бузиб кириб, уларни калтаклаб, қимматбаҳо буюмларини олиб кетишган. Натижада камида 41 киши жароҳат олган.

Милиция тартибсизликларда гумон қилинган шахсларни қўлга олиб, безорилик, оммавий тартибсизликлар, талончилик, ирқий, этник, миллий, диний ҳудудлараро адоватни қўзғатиш моддалари бўйича тўққизта жиноий иш қўзғатди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.