Қирғизистон парламенти ОАВ ва интернетда ҳақоратлар учун жарималар жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда
Қирғизистон парламенти оммавий ахборот воситалари ва интернетда ҳақорат ва туҳмат учун жарима солишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қила бошлади. Бу ҳақда “Клооп” хабар беради.
Нашрнинг аниқлик киритишича, мазкур ҳужжат республика Вазирлар маҳкамаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Ҳукумат қонунбузарликлар кодексига янги модда — ҳақоратни киритишни таклиф қилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, қоидабузар жисмоний шахсларга 100 минг сом, юридик шахсларга 200 минг сом миқдорида жарима солиш режалаштирилган.
Ташаббус муаллифлари ОАВ ва интернет ресурслари орқали ҳақорат ва камситиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатадиган статистика маълумотларга мурожаат қилишган. Шу билан бирга, расмийларнинг таъкидлашича, аксарият эпизодлар «айбдорликни исботлаш қийинлиги ва ҳуқуқий нормаларнинг ноаниқлиги» туфайли жазосиз қолмоқда.
Лойиҳа муаллифлари, шунингдек, туҳматни тақиқлаш «дезинформациянинг олдини олиш ва низоларни қўзғатмаслик орқали жамоат тартиби ва ахлоқий меъёрларни сақлашга ёрдам беради», деб ҳисоблашади. Бундай ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишлар Қирғизистон Маданият вазирлиги томонидан кўриб чиқилиши тахмин қилинмоқда.
Апрель ойида вазирлик қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этганди. Олдинги таҳрирда жарима миқдори: ҳақорат қилганлик учун фуқароларга 7500 сом ва корхоналарга 23000 сом, туҳмат учун мос равишда 10 000 (1 488 090 ўзбек сўми) ва 28 000 (4 166 654 ўзбек сўми) миқдорида жарима белгиланди.
Шарҳлар