Қирғизистон президенти 20-21 февраль кунлари Россияга ташриф буюради
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путиннинг таклифи билан 20—21 февраль кунлари Қозон шаҳрига ташриф буюради. Жапаров “Келажак ўйинлари” спорт мусобақаси очилиш маросимида қатнашади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тадбирда бошқа чет давлатлар раҳбарлари, шунингдек, “атоқли халқаро ва жамоатчилик арбоблари, йирик IТ-компаниялар раҳбарлари” қатнашиши кутилмоқда. Гап ким ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмади.
Сафар доирасида Жапаров Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашади. Улар икки томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилиши режалаштирилмоқда.
Ўтган сафар Россия ва Қирғизистон президентлари 2023 йил декабрида Евросиё иқтисодий иттифоқи саммити доирасида ва МДҲ раҳбарлари норасмий учрашувида кўришганди. Иккала тадбир ҳам Санкт-Петербургда бўлиб ўтганди.
Шарҳлар